Поиск
RUUZ

«Биринчи аёлим уй учун, иккинчиси – ўзим учун»: Ўзбекистондаги кўпхотинлик муаммоси

Ўзбекистонда кўпхотинлик расман тақиқланган. Лекин айрим фуқаролар бундай никоҳларни қўллаб-қувватлаб, турли эълон ва видеолар билан ижтимоий тармоқларда тарғиб ҳам қилишмоқда. Мақоламизда ушбу мавзу ҳақида батафсил айтиб берамиз.

1014views0replies
0

Муслима Аҳмаджонова, 35 ёш: У ўн йилдан бери оилали, турмуш ўртоғи ундан яширин равишда иккинчи марта уйланган. Муслима эрининг 12 кишидан иборат оиласи билан яшайди. У деярли кўчага чиқмайди, болалари, қайнона ва қайнотасига қараб, уй ишлари билан битта ўзи шуғулланади.
«Ўн йилдан бери қул каби яшайман, буларнинг барчасига эрим учун чидаяпман. Бошида муносабатларимиз яхши эди, лекин охирги вақтларда у қаерларгадир йўқ бўлиб қолишни бошлади. Бир неча кунлаб уйда тунамас ва мендан қочар эди. Бунинг оқибатида жанжаллар юзага келган. Бир куни у ювиниш хонасига кириб кетганида, унинг телефонини текшириб кўрдим ва эримнинг қандайдир аёл билан тушган ўнлаб интим расмларини топиб олдим. Ўша вақтда оёқларим ердан узилгандек бўлди.

Ишонгим келмас эди, лекин расмда ёш ва ўзига қараган аёл билан эримнинг юзи кўриниб турган эди. У ювиниш хонасидан чиққанида, кўз ёшлар билан уни айблашни бошладим, у эса худди ҳеч нарса бўлмагандек «Сенга айтишни унутибман, мен иккинчи марта уйландим» деди.

У бунга савобни баҳона қилди. Умуман тақводор бўлмаган одам суннат ва ислом талаблари ҳақида гапиришни бошлади. Лекин мен аниқ сабабни яққол билиб турган эдим. Ўша аёл ўзига тўқ ва чиройли, эрим унга гуллар ва совғалар берарди, мени эса ота-онасига қараётган ва болаларини тарбиялаётган хизматкор сифатида кўрарди», – дейди Муслима.
Узоқ азобланиш ва кўз ёшларга қарамасдан, Муслима уйидан кета олмаган ва ҳали ҳам эри билан яшамоқда, лекин уни кечирмаган. Шубҳасиз, эркакларнинг параллель никоҳларидан энг кўп биринчи аёллар азият чекади.
Обуначиларимиздан бири аноним тарзда иккинчи аёл бўлиш ҳақидаги ҳислари билан бўлишди:

«Оиласи бор одамнинг иккинчи аёли бўлиш кўнгилни синдиради. Бу қадрсизлик ва умидсизлик туйғуларининг енгил таърифидир. Мен ҳеч қачон ва ҳеч нарсада биринчи бўлмаганман, деярли доим ёлғизликда яшайман.

У дам олиш кунларини биринчи аёли ва болалари билан ўтказарди – оила у учун доимо биринчи ўринда бўлган. Бошида, унинг биринчи аёли бизнинг муносабатларимиз ҳақида билмай юрганида, биз бахтли эдик, лекин ўша вақтда ҳам ҳеч қандай иккинчи аёл ҳуқуқларига эга бўлмаганман.
У биринчи аёли мен ҳақимда ҳеч нарсани билмаслиги кераклигини истарди, шу сабабли яширинча ҳаракат қилишга тўғри келар эди. Кейин эса аёли ундан шубҳаланишни бошлади ва у эри мен билан учрашиб юрганини билиб қолди. Шундан кейин бизнинг «никоҳимиз» якунланди.
Унинг биринчи аёли кўплаб кўнгилсизликларни юзага келтирди, у эса бунга қаршилик қила олмади ва у билан янада камроқ учрашишимизни, никоҳи сақланиб қолиши учун оиласига кўпроқ вақт ажратиши кераклигини айтди.
Кейин эса у билан ажралишимизга тўғри келди, чунки кимнингдир оиласини бузган дунёдаги «энг жирканч» одам бўлсам ҳам озгина бахтга лойиқман.
Ҳозирда уларнинг оиласи шубҳаларга тўла, чунки унинг биринчи аёли энди унга ишонмайди, унга етказилган оғриқни даволаш учун вақт керак. Биринчи аёли у билан қолди, чунки унинг фикрича, мен бечора эрининг эҳтиросини келтириб, йўлдан урганман. Бу гўёки жирканч қизиқиш бўлган, мен эса исломда бунга рухсат борлигига тўлиқ ишонар эдим.
Камдан-кам ҳолатда биринчи аёллар эри иккинчи марта уйланишига ўзлари рози бўлишади, ахир ҳеч бир аёл ўзининг эри билан бўлишмайди – бу табиатимизга қарши. Айниқса, агар эркак биринчи аёли билан оиласида бахтли бўлса, у ҳеч қачон иккинчи аёлга уйланишга ҳаракат қилмайди».
Ўзбекистонда бундай никоҳларнинг сабаби турли бўлиши мумкин. Масалан, биринчи аёлидан меросхўр-ўғли бўлмаса, эркак оилавий кутувларни қондириш учун иккинчи марта уйланишга қарор қилади.
Шунингдек, ота-она келинидан мамнун бўлмасдан, ўғли қайта уйланиши учун унга босим ўтказадиган ҳолатлар ҳам кам эмас. Кўпчилик тан олишни хоҳламайдиган энг машҳур сабаб эса – бу бошқа бир аёлга жинсий қизиқишдир. Эркак динга мувофиқ равишда у билан «қонуний» муносабатда бўлишни хоҳлайди.
Динда бу ҳақида нима дейилган
Ислом қоидаларига кўра, эркаклар тўрт нафаргача бўлган аёлга эга бўлиши мумкин. Қуръонда қуйидагилар айтилган: «Агар етимларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, ўзингизга ёққан аёллардан иккитами, учтами, тўрттами никоҳлаб олинг» (Нисо сураси, 3-оят).
Эркаклар учун қатор мажбурий шартлар ҳам мавжуд, масалан:
• мусулмон аёлларининг ҳар бири ҳақида қайғуриши, тенг ҳаёт шароитларини ва моддий фаровонликни яратишга мажбур;
• аёлларнинг ҳеч бири етишмовчилик ёки қониқмасликни ҳис қилмаслиги керак;
• мусулмон иккинчи аёлга уйланганида, агар у биринчи аёл билан бирга яшашни хоҳламаса, уни алоҳида уй билан таъминлаши керак;
• биринчи аёл ўзига талоқ бериш ва эридан кетиш ҳуқуқига эга.
Полигамия айнан мусулмонлар жамиятида юзага келганлиги ҳақидаги афсона тарихчилар томонидан рад қилиб келинмоқда. Ушбу масала исломдан анча олдин мавжуд бўлган ва қадимий вақтларда турли цивилизацияларда ўз ўрнига эга бўлган. Полигамиянинг пайдо бўлиши ўша вақтлардаги вазиятларга боғлиқ бўлган, уруш ва келишмовчиликлар оқибатида эркаклар ҳалок бўлиб, уларнинг сони кескин камайган. Бу эса эркак кўмагисиз қолган бевалар ва ажрашган аёлларни ҳимоя қилиш заруриятини юзага келтирган.
Кейинчалик кўпхотинликни нотўғри қўллаш бошланган. Эркаклар чекланмаган миқдорда аёлларга уйланишни, уларнинг ҳуқуқларини чеклашни ва адолатсизликларга йўл қўйишни бошлашган. Лекин исломда полигамия борасида қатъий чекловлар ва қоидалар ўрнатилди. Диний фатволар ҳар бир ҳолатни алоҳида ўрганиб, қандай вазиятларда полигамияга рухсат бор ёки йўқлигини белгилашади.

Исломда кўпхотинликка эркакларнинг жисмоний заруратларини қондириш мақсадида рухсат берилмаган. У ёрдамга муҳтож бева ва ажрашган аёлларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган эди.

Ўзбекистонда кўпхотинлик қонун билан тақиқланган. Оила кодексининг 16-моддасига мувофиқ, рўйхатдан ўтказилган никоҳи бор шахснинг бошқа бир шахс билан никоҳ тузишига йўл қўйилмайди. Жиноий кодексда кўпхотинлик учун БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима, ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган (ЎзР ЖКнинг 126-моддаси). Хусусан, сўнгги 5,5 йилда полигамия учун 38 нафар эркак жазоланди. 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида бу кўрсаткич 4 нафарни ташкил қилган.
Амалдаги қонунчиликка қарамасдан, ижтимоий тармоқларда, айниқса, Telegram-каналларда 2000 дан ортиқ обуначиларга эга «Совчилар» гуруҳлари кенг тарқалган. Бундай гуруҳларда тўлов эвазига келин ва куёвликка номзодларнинг шахсий маълумотларидан иборат эълонлар жойлаштириб борилади. Постларнинг орасида «Иккинчи рўзғор» сарлавҳаси остида иккинчи аёл изланаётгани ҳақидаги эълонлар кўп.
Битта эълон нархи 50 000 сўмни ташкил қилади. Аризачиларнинг кўпчилиги – эркаклар, айрим хабарларнинг мазмуни ноаниқ ва номувофиқ. Шундай гуруҳлардан биридаги эълон:

«Талаблар: шахсий хабар орқали эркакларга нима ёқишини биладиган чиройли, эҳтиросни уйғотадиган ва келишган қизлар ёзсин. Тошкентда яшайман, ҳар ой моддий томондан таъминлайман. Ўранганлар безовта қилмасин. Мен замонавий эркакман, ўзимга мос аёл излаяпман ва у менга муҳаббат туҳфа қилишини истайман. Ўзингиз ҳақингизда ёзинг ва фильтрсиз 3-4 та расмингизни юборинг. Агар у лойиқлигини исботласа, мен ваъдамни бажараман. Никоҳ тузмасдан муносабатда бўлишимиз мумкин».

Бундай гуруҳларда диний никоҳсиз яшашга рози бўлган иккинчи аёлларни излаётганлар етарлича, бу эса эълоннинг жойлаштирилиш мақсадига зиддир. Ачинарлиси, айрим қизларнинг шахсий маълумотларини бундай гуруҳларга уларнинг қариндошлари рухсатсиз тарқатишади.
Шундай вазиятга дуч келган 28 ёшли Розия унинг Telegram-профили ҳаволасини қариндошларидан бири тарқатган деб ҳисоблайди, шундан кейин унга нотаниш эркаклар учрашиш таклифи билан ёзишни бошлашган.
«Бу ҳақида ойимга айтганимда, у ҳатто жаҳл ҳам қилмади, аксинча, бу яхши йигитни учратишим учун имконият эканлигини айтиб, ёш эмаслигимни эслатиб қўйди», – дейди Розия.
Бундай шубҳали гуруҳлар билан бир қаторда, мессенжерлар ва ижтимоий тармоқларда кўпхотинликни романтизация қилиш рўй бермоқда. 2023 йилда кўплаб ўзбекистонлик блогерлар ижтимоий тармоқларга фойдаланувчилар орасида кўпхотинлик масаласини кўтарган ва муҳокамаларга сабаб бўлган контентларни жойлаштиришди. Ҳам аёл, ҳам эркак блогерлар томонидан яратилган видеолавҳалар полигамия тарғиб қилинган мазмуни учун муҳокама марказига айланган.
Мисол тариқасида ўзбекистонлик томонидан ижтимоий тармоқларда тарқатилган постни келтириш мумкин. Лавҳада эркак иккинчи аёлига совға қилмоқчи бўлаётган нархи $170 000 бўлган автомобилни «02 хотинимга» рақам белгиси билан намойиш қилган.
Ўзбекча сериалларнинг айрим сюжетларида ҳам кўпхотинлик очиқчасига тарғиб қилинаётгани ва бундай никоҳларни тузаётган эркаклар мақталаётгани намойиш қилинган.
Яна бир мисол сифатида блогер ҳазил тариқасида тўйи бўлган сана шарафига эрига иккинчи аёл совға қилгани акс этган видеони келтириш мумкин. Видео фойдаланувчилар орасида салбий фикрларга сабаб бўлиб, блогер кўпхотинликни тарғиб қилганликда айбланди. Видеода кўпхотинлик тўғрисида аниқ гаплар йўқ бўлса ҳам, юмористик характердаги айнан шундай видеолар омма орасида кўпхотинлик нормал ҳолат деган фикрларни шакллантиради.
Бундан ташқари, бундай видеолар сабабли кўплаб одамларда биринчи ва иккинчи аёллар ҳақида стереотиплар пайдо бўлди. Мисол тариқасида аёллар кийимлари дўкони рекламасини айтиш мумкин. Видеода қиз кийим кийиб кўриш хонасидан узун либос ва бошида рўмол билан чиқади, тепасида эса «биринчи аёл» ёзуви бўлади. Кейин «иккинчи аёл» ёзуви пайдо бўлиб, қиз бўянган ва ўзига қараган кўринишда бошқа либосда чиқиб келади. Бу ҳолатда биринчиси уй ва рўзғор учун, иккинчиси эса эркакнинг ўзи учун деган фикр пайдо бўлади.
Бундай постлар изоҳларида шундай ҳолатларни идеаллаштираётган қизлар кам эмас, улар иккинчи аёл бўлишни орзу қилаётган бўлишлари ҳам мумкин, чунки иккинчи аёлларни ҳатто ижтимоий тармоқларда ҳам анча эркин, бахтли ва муваффақиятли қилиб кўрсатишади.
Лекин бундай лавҳалар ва стереотиплар одамларнинг ўзлари ва уларнинг ҳаёт тарзидан келиб чиқаётгани аниқ. Бундай одамлар кўпхотинлик – бу савоб ва эркаклар иккинчи марта фақатгина диний қарашлар сабабли уйланишини таъкидлашаётганида, ушбу номувофиқликларни қандай таърифлаш мумкин?
1014views0replies
0

Комментарии